Ishonch telefoni
+998 71 233 34 24

  • UZRUEN
  • uzbekistan flag uzbekistan emblem

ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ОШИРИШ ЙЎЛИДА

15.09.2018, 17:03 Yangiliklar 494

ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ОШИРИШ ЙЎЛИДА

(Тошкент давлат шарқшунослик институтида ташкил этилган “Таълимда технологиядан фойдаланишнинг инновацион услублари” маҳорат мактаби онлайн курси ҳақида)

Юртимизда кечаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жабҳалардаги ислоҳатларнинг бориши таълим тизимини ҳам тубдан ислоҳ қилишни тақозо этмоқда. Чунки ҳар бир жабҳанинг тараққиёти ўша соҳа мутахассисларининг уқуви, малакаси, дунёдаги шу йўналишнинг ривожланиш тендинцияларини қанчалик ўзлаштирганлиги билан белгиланади. Шу жиҳатдан элимиз олий ўқув юртларининг бош вазифаси  ана шундай кўникмаларга эга касби комил мутахассисларни тайёрлашдан иборат. Замонавий давр талабларига мос келувчи кадрларни тайёрлаш иши давлатимиз раҳбариятининг доимий эътиборида. Бу борада дунёнинг илғор таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича ҳам ҳар бир олий таълим муассасаси олдига кечиктириб бўлмас вазифалар юкланган.

Куни кеча Тошкент давлат шарқшунослик институтида АҚШнинг Индиана университетида таълимни ташкиллаштириш бўйича мутахассис Умида Ҳикматиллаева тарафидан кўнгилли равишда ташкил этилган ҳамда қарийиб олти ой давом этган “Таълимда технологиядан фойдаланишнинг инновацион услублари” мавзуидаги онлайн маҳорат мактаби дарсларининг якуний фестивали бўлиб ўтди. Фестиваль қатнашчилари маҳорат мактаби давомида ўзлари ўзлаштирган АҚШ таълим тизимидаги ўқитишнинг инновацион усуллари ҳақида тўхталдилар.

Таниқли журналист Маҳмуд Саъдий ушбу якуний фестиваль қатнашчиларининг онлайн дарслардан ўзлаштирган билим ва кўникмаларларидан бир нишона улароқ таҳририят учун махсус тайёрлади.

omonovҚудратулла Омонов, Шарқ филологияси факультети декани, филология фанлари доктори.

Ҳозирда Ўзбекистон олий таълим тизими қайси йўлдан кетиши тўғрисида бир қатор саволлар турибди. Хусусан, у ҳозирги анъанавий тизимни ривожлантирилган босқичига ўтадими ёки модуль тизимига асосланган кредитли (синов бирликлари) тизимига ўтадими? Хуллас, саволлар кўп. Ушбу саволларга қарамасдан таълим тизимида ҳеч қачон ўзгармайдиган асос устунлар мавжуд. Бу “таълим олувчи” ва “таълим берувчи” яъни “талаба” ва “ўқитувчи”дир. Агар таълимда ана шу икки томоннинг дунё қарашини ўзгартира олсак, яъни талабани мустақил таълим олишга, билим олиш йўлларни мустақил излашга, ўқитувчини эса янги билимлар билан қуроллантириб талабага билим олиш йўлларини ўргатишига эриша олсак, таълим тизими қайси шаклга ўтишидан қатъий назар таълимда сифат пайдо бўлади. Ана шу икки масала мамлакатимиз таълим тизимининг энг оғриқли ва заиф нуқтаси ҳисобланади.

Бу масалалар бўйича олий таълим тизимимиз дунёнинг етакчи таълим тизимларидан ўрганадиган, ўзлаштирадиган жиҳатлар ниҳоятда кўп. Айни жиҳатларни назарда тутиб, Тошкент давлат шарқшунослик институти профессор-ўқитувчилари учун Индиана университетида таълимни ташкиллаштириш бўйича мутахассис Умида Ҳикматиллаева тарафидан кўнгилли равишда “House of Wisdom Teacher Training” маҳорат мактаби доирасида “Таълимда технологиядан фойдаланишнинг инновацион услублари” мавзусида онлайн дарслар ташкил этиш келишиб олинган эди.

Онлайн дарсларни уюштиришда ўқитиш ва таълимни ташкил этиш соҳасининг мутахассиси Умида Ҳикматиллаева хизматларидан фойдаланилди.

Бу мутахассис дастлаб тўлиқ бир семестрни қамраб олган, 18 ҳафталик онлайн курснинг силлабуси, тугал ўқув режаси ва дастурини ишлаб чиқди. Ана шу ўқув режа асосида жорий йилнинг январидан бошлаб то июнь ойига қадар институт профессор ўқитувчилари масофавий таълим асосида Google Classroom платформасидан фойдаланган ҳолда ўқитилди. Таълим соҳаси ваклларини ушбу шаклда ўқитиш мамлакатимиз олий таълим тизими учун тамомила янги ҳодиса саналади.

Кези келганда алоҳида таъкидлашни истардимки, шу пайтга қадар юртимиз олий таълим тизимида бир ёки икки соатли муайян мавзуга бағишланган онлайн маърузалар кўп эшитилган. Бироқ муайян курсни ўзлаштиришга йўналтирилган ва тўлиқ бир модулни қамраб олган ҳамда бир семестр давомида профессор-ўқитувчилар учун ташкил этилган онлайн курс мамлакатимиз таълим тизимидаги дастлабки тўлиқ масофавий курс ҳисобланади. Бу сингари модулни Шарқшунослик институти мамлакатимизда биринчилардан бўлиб бошлаб берди.

Маҳорат мактаби курсларида институтнинг 29 нафар профессор-ўқитувчилари жалб этилди. Курс якунига қадар улардан 10 нафар профессор ўқитувчи етиб келди.

Курс давомида ўқитувчилар турли лойиҳалар тайёрлаш сир-асрорларини ҳам ўрганиб олишди. Чунончи:

1.Талабаларга тарқатиш учун ўқув режа – Силлабус яратиш йўллари.

2 Талабалар билимини баҳолашнинг замонавий мезонларини ишлаб чиқиш.

  1. Интерфаол машқлар учун материаллар тайёрлаш: Blog, mind map, timeline, infographics, сўровнома, poster, video, onlayn ўйинлар, ePortfolio, website.
  2. Ўқитувчи ўзи дарс ўтадиган фанларга алоқадор онлайн манбаларни тўплаш.
  3. Тақдимот (Presentations) тайёрлаш.

Онлайн курснинг меваси сифатида ҳозирги кунда маҳорат мактаби қатнашчиларининг катта қисми Google site платформасида ўз ePortfolio ларини яратишди. Бу ердан талабалар ўзлари ўқиётган фанлардан кўплаб дарсга доир керакли, қизиқарли материалларни олишлари, баҳолаш мезонлари билан танишишлари, ихтисослигига доир онлайн манбаларни топишлари мумкин бўлади.

mustafayevaСамида Мустафаева, Хитой тили ва адабиёти кафедраси катта ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа (PhD) доктори. “Шиддат билан ривожланаётган бугунги дунёни замонавий техника ва технологияларсиз тасаввур қилиш қийин…” – қабилидаги гапларни кўп эшитамиз, янги техник қурилмалар кичик дўконлардан тортиб, катта саноат корхоналаригача кириб бораётгани ва амалда қўлланаётганига ҳар биримиз гувоҳмиз. Оддий мисол икки-уч йил олдин биз учун қўл етмас бўлган мобиль телефонлар бугун кўзимизга жўн бир қурилма бўлиб кўринмоқда. Албатта, буларнинг бари фан-техника ва технологиялар тараққиётининг маҳсули.

Лекин, масаланинг иккинчи томони, яъни ривожланаётган техника ва технологиялар инсон онгига қанчалик таъсир кўрсатмоқда? Бугунги техника асрининг фарзандлари биздан қанчалик фарқ қилади? Ва ниҳоят бу янги авлодга таълим беришда фақат янги қурилмалардан фойдаланишнинг ўзи етарлимикин?

Ана шу адоқсиз саволларимга институтимизда ташкил этилга маҳорат мактаби онлайн курси давомида жавоб топгандек бўлдим. Ушбу курс доирасида таълимда бугунги кун технологияларидан қай тариқа фойдаланиш мумкинлиги борасида маълумот ва кўрсатмалар билан бир қаторда таълим соҳасига оид хорижда нашр қилинган илмий мақолалар билан ҳам мунтазам танишиб бордик. Улар орасида бир мақола айниқса эътиборимизни тортди. Бу шубҳасиз, халқаро миқёсда тан олинган нотиқ, ёзувчи, маслаҳатчи ва интернет ўйинлари дизайнери, қатор сайтлар муаллифи Марк Пренскининг “Digital Natives, Digital Immigrants” (“Рақамли дунё соҳиблари, рақамли дунё муҳожирлари”) номли мақоласи эди.

Муаллиф бугунги кун талабаларига қуйидаги таърифни беради: “Ҳозирда талабаларимиз батамом ўзгарган. Замонавий талабалар эндиликда биз ишлаб чиққан таълим тизимимизга кўра ўқитиладиган кишилар эмас”.  Шунингдек, у ҳозирги институт битирувчилари ўз умрларининг 5 000 соатини мутолаага, 10 000 соатини видеоўйинларга (20 000 соат телевизор кўришга сарфланадиган вақтни ҳисобга олмаганда) сарф қилиши статистик таҳлил натижасида аниқланганлигини маълум қилади.

Мақолада бугуннинг талабалари “Digital Natives” “Рақамли дунё соҳиблари”– бугунги кунда компьютер, видео ўйинлари ва интернетнинг рақамли  тилида ўз она тилидай сўзлашувчи ёшлар сифатида таъриф берилади. Таълим соҳаси вакиллари ўқитувчиларга эса “Digital Immigrants” – “рақамли дунё муҳожирлари”  – рақамли, электрон дунёга мослашаётган, янги технологияларнинг кўпгина қирраларини энди қабул қилаётган кишилар сифатида баҳо берилади.

Биринчи гуруҳ яъни, талабаларнинг сифатлари қаторида қуйидагилар кўрсатилади:

  • Маълумотларни тез топа олиш ва танишиб чиқишга ўрганган;
  • Графикалардан эркин фойдаланиш усуллари (гипертекст)ни ёқтиради;
  • Жиддий, машаққатли меҳнат билан билим олишдан кўра ўйинлар, видео, аудио, тақдимотлар (Presentations), визуал тасвирлар ва графикларни афзал билади,

Иккинчи гуруҳ “муҳожирлар (ўқитувчилар)” учун хос жиҳатлар сифатида қуйидагилар келтирилади:

  • Секин-аста, босқичма-босқич, якка тартибда, жиддий усулда таълим бериш;
  • “Янги (рақамли дунё) тилда” сўзловчи ёшларга таълим бериш жараёнига кўника олмаётганлиги келтирилади.

Савол туғилади: Нима қилиш керак? Рақамли дунё соҳиблар, яъни янги авлод талабалари эски усулларни ўзлаштиришлари керакми ёки янги дунё муҳожирлари бўлган ўқитувчилар замонавий рақамли билимларни ўрганишлари керакми?

Муаллиф ушбу саволлар юзасидан қуйидаги тавсияларни беради:

  • Ақлли “муҳожир (ўқитувчи)” “янги дунё (рақамли дунё)” ҳақида ўзи билмайдиган нарсаларни қабул қилади, уни ўрганади ҳамда ундан таълим жараёнида фойдаланиши;
  • Билгин ўқитувчи бугуннинг талабаси тили ва услубида мулоқот қилишни ўрганиши;
  • “Анъанавий” билимлар (ўқиш, ёзиш, арифметика, мантиқ, тил ўрганиш, ғояларни тушуниш) ва “келажак” билимлари (дастурлаш, робототехника, нанотехнология, геномика) – ҳар икки билимни рақамли дунё соҳиблари бўлган янги авлодга қай усулда ўқитиш устида ишлаши.

Табиийки, ушбу мақолада келтирилган далил ва тавсиялар бизни, таълим соҳаси вакилларини ўз фаолиятимиз юзасидан танқидий мулоҳаза юритишга ундайди.

Шиддат билан ривожланаётган дунёда яшаш билан бир қаторда мувафаққиятли фаолият юрита оладиган, фан-техника ютуқлари, замонавий технологиялардан мақсадли фойдаланиш кўникмасига эга бўлган рақобатбардош кадрларни етиштиришдек масъулиятли вазифани бажариш бизнинг зиммамизда. Демак, юрт келажаги, Ватан равнақи биз ўқитувчи ва тарбиячиларнинг қўлида. Шу боисдан биринчи галда таълим соҳаси вакилларининг ўзи замон талабларига мослашиши мантиқан тўғри бўлади, деб ўйлаймиз.

ismatullayevaНаргиза Исматуллаева, Таржима назарияси ва амалиёти кафедраси ўқитувчиси. Ҳар жабҳада жадал тусда кечаётган глобаллашув жараёнида бошқа мамлакатлар қатори бизнинг мамлакатимиз учун ҳам таълим соҳасида анъанавийликдан қочган ҳолда инновацион таълим технологияларини кенг жорий қилиш таълимнинг муҳим масалалардан бўлиб қолди.

Таълим бозорида талаб ва таклиф мутаносиблигини йўлга қўйиш, яъни ўқувчи-талабаларнинг дунёқараши, қизиқишлари ва талабларига мувофиқ профессор-ўқитувчилар томонидан мос “таклиф” ишлаб чиқиш катта аҳамият касб этмоқда. Шундай экан таълим соҳасида ривожланган мамалакатлар тажрибасини ўрганиш ва мос педагогик технологияларни қўллаш заруриятга айланди.

Мен учун Умида Ҳикматиллаева раҳбарлигидаги “Таълимда технологиядан фойдаланишнинг инновацион услублари” онлайн курсида иштирок этиш айни муддао бўлди. Курс давомида ўқув жараёнини самарали ташкил этиш учун бир қатор замонавий технологияларни тадбиқ қилиш юзасидан кенг билимларга эга бўлдик. Ана шу мавзулар ичида айнан ўқув машғулотлари учун интерактив материалларни яратиш масаласини талабаларнинг хоҳишига жавоб берувчи таклиф калити сифатида намоён бўлди. Интерактивлик (interaction – “ўзаро таъсир”) тушунчаси обеъктлар ўртасидаги ўзаро таъсирнинг характери ва даражасини очиб беради. Интерактивлик мультимедианинг таркибий қисми ҳисобланади. Мультимедиа эса бу замонавий техника ва дастурий воситаларидан фойдаланиб интерактив дастурий таъминотлар бошқарувида визуал ва аудиоэффектларнинг ўзаро таъсиридир. Шу ўринда курсда ўрганганларим интерактив материаллар сирасига кирувчи тақдимот турлари, инфографикалар ва интерактив ўйинлар ҳақида қисқача сўз юритсам.

Ҳар бир ўқитувчи тақдимотлар яратишнинг энг содда Power Point дастуридан фойдаланишни яхши билади. Лекин имкониятларга бой бошқа дастурлар ҳам мавжуд бўлиб, тақдимотларни онлайн ва офлайн тарзда тайёрлашнинг уч тури мавжуд. Булар: 1) Классик тақдимот дастурлари: Power Point, Impress, Prezi, Smartdraw; 2) Видеотақдимот дастурлари: Powtoon, Wink, Proshow Producer, Videoscribe, Slidedog, PromoShow; 3) Интерактив лойиҳа-тақдимот дастурлари: Adobe Presenter, Hippani Animator. Видеотақдимот ҳақида батафсилроқ гапирадиган бўлсак, гарчи тақдимот шаклида бўлсада видеони анимация шаклида яратиб, турли сайтларга экспорт қилиш мумкин бўлади. Талабалар учун афзаллиги шундан иборатки ўқитувчи тайёрлаб келган видеотақдимотини талаба дарсдан ташқари ўзи мустақил қайта-қайта томоша қилиб, мавзуни мустаҳкамлаш имкони яратилади. Чет мамлакатларда айрим таълим муассасаларида “Flipped learning”, яъни “Ўрин алмашган таълим” шакли кузатилади. Бундай таълим олиш шаклида, талабалар янги мавзуни, маърузани олдиндан уйда ўрганиб келадилар. Бунда мавзу асосан видеотақдимотлар ёрдамида ўрганилади. Дарс жараёнида эса ўқитувчилар бошчилигида амалий машғулотлар, турли топшириқлар, фикр алмашишлар ёрдамида олинган билим янада кенгайтирилади ва мустаҳкамланади.

Интерактив материаллардан бўлмиш инфографикага ҳақида гапирсам, инфографикада муайян бир мавзу бўйича маълумот, графика, жадвал, диаграмма, кичик матнлар, рақамлар ёрдамида қисқа, қизиқарли ва кўргазмали шаклда намоён бўлади. Инфографика яратиш дастур ва платформалари: Visually, Piktochart, Infogram, Canva. Бундай инфографикаларни нафақат ўқитувчилар, балки талабалар ҳам мустақил таълим вазифаси сифатида тайёрлашлари мумкин. Инфографика яратиш талабанинг ижодий ёндашуви, маълумотни қисқа, лўнда етказиб бериш кўникмаларини ривожлантиради.

Ҳозирда таълим жараёнига кенг кириб бораётган интерактив ўйинлар анъанавий таълим берувчи ўқитувчилар норозилигини юзага келтирса-да, лекин бундай ўйинлар талабаларга мотивация беришда катта самара бермоқда. Интерактив ўйинлар яратиш платформалари: Quizlet, LearningApps, Playfactile, Classtools.net. Мазкур платформаларда турли шаклдаги тест, бошқотирма, флашкарта, QR-ўйин, сўровнома, диаграмма, идрок хариталари, карточкалар ёрдамида ранг-баранг ва мазмунли дидактик ўйинларни яратиш имкони мавжуд. Бу каби интерактив ўйинларни қўллаш жараёнида талабалар саволларга жавоб беришда якка ёки гуруҳ бўлиб ишлайдилар. Бу ўз ўрнида уларнинг ҳамжиҳатликда ишлаш, танқидий фикрлаш, муаммоларга ечим топиш кўникмаларини ривожлантириб, фаннинг назарий ва амалий масалалари борасидаги билимларини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

xodjayevaХоджаева Нилуфар, Таржима назарияси ва амалиёти кафедраси таянч докторанти. Ҳозирги кунда илм-фанни информацион технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шундай экан, рақамли технологияларнинг илм-фан учун фойдали қирраларини ўрганиш ва кашф этиш педагогнинг асосий вазифаларидан биридир. Бу борад ёш авлод шунчалар илдамлаб кетяптики, педагог улардан бир қадам олдинда боришини давр тақазо қилади.

Маҳорат мактабида ўқиш жараёнида “Google” дастуридан таълимда фойдаланиш ҳақида кўп маълумотларга эга бўлдим. Шулар ҳақида ўқувчилар билан ўртоқлашсам.

“Google” тизими тўғрисида интернет фойдаланувчиларидан сўровнома ўтказганимизда, кенг омма асосан унинг қидирув ва электрон таржимон сифатида таниши маълум бўлди. Бироқ ушбу тизимнинг илм-фан, таълим учун фойдали имконятлари ниҳоятда кенг.

“Google” тизими таълимдаги масофа тушунчасини йўққа чиқаради. Сабаби унинг дастурлари дунёнинг қай чеккасида бўлмасин талаба ва педагогни бир вақтда ишлаш имкониятини яратади. Бу учун “gmail”дан электрон почта очишнинг ўзи кифоя қилади. “Google classroom”, “Google doc”, “Google disk” дастурлари бунда ёрдамга келади.

“Google classroom”- дастури синфхона вазифасини бажаради. Бунда педагог талабаларни рўйхатини тайёрлаш, вазифа бериш, вазифа бажарилиши муддатини белгилаш, баҳолаш, фанга оид қўшимча маълумот бериш, турли хил мавзуга доир баҳслар уюштириш ва талабалар фикрини билишга эришиши мумкин.

“Google doc”- дастури талабаларни мақола, курс иши, битирув-малакавий иши, тадқиқот иши, илмий лойиҳа тайёрлашда кўмак беради. Бунда талаба “Google doc” дастурида электрон ҳужжат яратади ва илмий раҳбари билан “gmail” орқали алоқага чиқади. Ушбу дастурнинг имконияти шундаки, бир пайтнинг ўзида ҳам талаба, ҳам педагог таҳрир қилиш, қўшимчалар киритиш имкониятига эга бўлади. Ҳаммуаллифликда илмий мақолалар ёзишда ҳам жуда қўл келади. Айниқса, чет эллик ҳамкорлар билан ёҳуд илмий раҳбарнинг чет элга сафарлари давомида бу дастур катта қулайлик яратади.

“Google disk”- дастури маълумот сақлаш учун хизмат қилади. Дастур 15 гб ҳажимдаги маълумотни сақлаш имкониятига эга. Бу дастур барчага бирдек қулай. Фойдаланувчилар ёзилган матнларни йўқотиш ва оғир китобларни кўтариб юришдан озод қилади. Кутубхонада ишлаб туриб керакли маълумотлар “Google disk”да  сақланади ва зарурат туғилганда исталган ердан интернет воситасида юклаб олиш мумкин булади.

Юқорида келтирилган барча дастурлардан фойдаланилгандан сўнг, талабаларни амалга оширган вазифаларининг натижасини “E-Portfolio” саҳифасида кўрсатиш мумкин бўлади.

“E-Portfolio” ҳам “Google” имкониятларидан келиб чиққан ҳолда яратилади. “Google”да веб сайт яратиш дастури ишлаб чиқилган бўлиб, у жуда қулай. Ҳозирги информацион технологиялар ривожланиб, жадаллашиб бораётган бир пайтда, ҳар бир шахс ўзининг ҳар соҳадаги фикрлари, қарашлари ва ютуқларини ўртоқлашиш мақсадида шу турдаги  “E-Portfolio” яратса, унинг илмий, ижтимоий, фалсафий фаолиятидан барча бирдек баҳраманд бўлиши мумкин.

Таҳририятдан: Мамлакатимизда шарқшунос кадрлар етиштираётган Тошкент давлат шарқшунослик институти мисолида хориж таълим тизимининг илғор тажрибаларини профессор-ўқитувчилар жамоасига ёйиш, уларга янги билимларни ўргатиш масалалари билан ўртоқлашдик.

Таҳририят мамлакатимиз олий ўқув юртларининг хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ва бу борада амалга ошираётган  ишларини газета саҳифаларида мунтазам ёритиб боришни режалаштирмоқда. Олий таълим муассасаларидан бу тўғридаги хабар, лавҳа ва маълумотларини кутиб қоламиз.

Маърифат газетаси 71 сон. 06.09.2018

    Spelling error report

    The following text will be sent to our editors: